Оила, маҳалла, таълим муассасаси ҳамкорлиги мустаҳкамланмоқда

Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан баркамол авлодни тарбиялашда оила, маҳалла ва таълим муассасаси ҳамкорлиги мавзуида видео-семинар бўлиб ўтди.

Халқ таълими вазири У.Иноятов, Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Г.Алимова, олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари У.Салимов ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида ёшларни миллий анъана ва қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш, спорт билан шуғулланиши, замонавий билим ва касб-ҳунар эгаллаши, бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 19 июндаги “Баркамол авлодни тарбиялашда оила институти ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг таълим муассасалари билан ўзаро ҳамкорлигини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу йўналишдаги ишлар кўламини янада кенгайтиришда ҳуқуқий асос бўлаётир.

Ҳозирги кунда ўқув масканларида ташкил этилган “Оила – маҳалла –таълим муассасаси” ҳамкорлиги мактаблардаги таълим сифатини атрофлича таҳлил этиш, ота-оналарнинг фарзанд тарбиясидаги масъулиятини кучайтириш, ўқувчиларнинг давоматини ўрганиш, билимларни ўзлаштиришини доимий таҳлил этиб боришда алоҳида аҳамият касб этмоқда. Шу билан бирга, ёшларнинг бандлигини таъминлаш, уларнинг бўш вақтини тўғри ва мазмунли ташкил этиш, вояга етмаганлар ўртасида назоратсизликнинг олдини олишга оид ишлар кўламини кенгайтиришда ушбу ҳамкорлик яхши самара бермоқда.

Ушбу жамоат кенгашлари томонидан ички ишлар органлари, шунингдек, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати билан ҳамкорликда таълим олаётган ёшлар қаровсиз қолдирилишининг ва улар орасидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида “Таълим олувчи”, “Давомат” каби тезкор тадбирлар, “Футболимиз келажаги”, “Маҳалла баҳодирлари”, “Отам, онам ва мен – спортчилар оиласи” каби мусобақалар мунтазам ўтказиб келинмоқда.

 

Тадбирда ёшларнинг бўш вақтини самарали ташкил этиш, таълим муассасалари ва маҳаллаларда тўгараклар тармоғини ривожлантириш, интернет-кафе ва компьютер клубларига ўқувчиларнинг ташриф буюришини тартибга солиш, таълим муассасаларининг ахборот-ресурс марказлари фаолияти самарадорлигини янада ошириш, маҳаллаларда дарсликлар, ҳуқуқий ва бадиий адабиётлар билан таъминланган ахборот-ресурс марказларини ташкил этиш, замонавий спорт заллари ва болалар майдончаларини барпо этиш борасида таклифлар билдирилди.

www.uza.uz



'